“«Янги Андижон» шаҳрини барпо этиш ишларини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”

📅 04 Feb 2021

ЎзР ФА Ғ.О. Мавлонов номидаги Сейсмология институти илмий ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 июлдаги ПҚ-5180-сонли “«Янги Андижон» шаҳрини барпо этиш ишларини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 4 минг гектар майдонни эгаллаган Янги Андижон шаҳри ҳудудидини сейсмик микрорайонлаштириш харитасини яратиш учун сейсмологик, сейсмотектоник ва муҳандис-сейсмологик тадқиқотларини олиб бормоқдалар.

Янги Андижон шаҳри ҳудудини сейсмиклигини баҳолаш мақсадида 5 та пунктда сейсмометрик станциялар ўрнатилди. Ҳозирда бу сейсмик станциялар тадқиқот майдони ва унинг атрофидаги ҳудудларда содир бўлаётган зилзилаларни қайд этиб, қурилиш майдонининг сейсмик фаоллигини тахлил қилишда тадқиқ этилмоқда. Шунингдек, 332 та пунктда сейсморазведка ва 80 та пунктда электроразведка дала ишлари олиб борилди. Ҳозирги кунда ўрганилаётган ҳудуднинг 200 та пункда микросейсмик тўлқинлар қайд қилинган бўлиб, олинган маълумотлар натижасига кўра ҳар бир пунктда сейсмик жадаллик баҳолаш тадқиқотлари олиб борилмоқда.

Ушбу илмий тадқиқотларда сейсмология институтининг етакчи илмий ходимлари г.-м.ф.д., проф. В.А.Исмаилов, ф.-м.ф.д. Р.С.Ибрагимов, ф.-м.ф.н. У.А.Нурматов, ф.-м.ф.н. А.Х.Ибрагимов, г.-м.ф.н. Ю.М.Содиков ҳамда 20 нафар илмий ходим ва муҳандислардан иборат жамоа иштирок этмоқда Илмий тадқиқотлар натижасида яратиладиган сейсмик микрорайонлаштириш харита Янги Андижон шаҳри ҳудудида сейсмик мустаҳкам бино ва иншоотларни лойиҳалаш-қурилиш ишларига асос сифатида ҳизмат қилади. Маълумот учун, Янги шаҳар бош режасига кўра 4 минг га адирликлар устида 411 минг аҳоли яшаши кўзда тутилган, 1439 га майдонда кўп қаватли турар-жой массивлари, савдо масканлари ва кичик саноат зоналари, 1820 га майдонда яшил ҳудудлар, 223 га майдонда эса хизмат кўрсатиш жойлари бунёд этилиши режалаштирилган.