Ўзбекистон ҳудуди шиддат билан чўлланишда давом этмоқда: сабаб, оқибат ва ечимлар

📅 01 Aug 2022

Ҳар дақиқада Ўзбекистоннинг 9 квадрат метр ҳудуди чўлланиб боряпти. Экологик ва геоэкологик муаммолар кун сайин ўсиб бормоқда. Аммо чўлланишга қарши кураш масаласи ҳозирча кун тартибида эмас.

Ҳар сонияда дунё бўйлаб 23 гектар чўлланиб боряпти. Бу ҳолат давом этаверса, 2050 йилга бориб, Ер юзининг 95 фоизи чўлланиши ва бу 3 миллиарддан зиёд одамни озиқ-овқат танқислигида қолдириши мумкин.

Ўтган асрдан бери геоэкологик муаммолар қаторига чўлланиш ҳам қўшилди. Хўш, чўлланиш нима ва бу жараён ортида инсониятни нима кутяпти? Чўлланишга қарши курашиш натижа берадими?

Чўлланган ўлкаларда экологик тизимлар бузилади, органик ҳаётнинг барча шакллари ёмонлашади

Чўлланиш – ернинг экин экилмайдиган яроқсиз ҳолга келиш жараёнидир. Бунда қурғоқчил иқлимли ўлкаларда экологик тизимлар бузилади, улардаги органик ҳаётнинг барча шакллари ёмонлашади. Бу – дунёни табиий иқтисодий инқирозга олиб келади.

Чўлланиш қашшоқликни келтириб чиқаради. Ва ҳозир яхши яшаётган 3,2 миллиард одам яқин келажакда озиқ-овқат танқислигидан азият чекишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар йили дунё бўйлаб 12 миллион гектар, 1 дақиқада эса 23 гектар ер чўлланади. Ҳозир Ер юзининг 75 фоизи чўлланган. Aгар бу таҳдид давом этаверса, 2050 йилга бориб Ер юзининг 95 фоизи яроқсиз ҳолга келади.

Чўлланган сувли ҳудудларнинг 87 фоизи охирги 300 йил ичида шундай ҳолга келган. Яна ҳам яқин тарихга қарайдиган бўлсак, чўлланишнинг 54 фоизи охирги 100 йилга тўғри келган. Жанубий-Шарқий Осиё ва Aфрикада бу жараён ҳамон давом этмоқда. Ўзбекистонда эса ҳар дақиқада 9 квадрат метр ҳудуд чўлланиб боряпти.

Чўлланишга нима сабаб бўлади?

Чўлланишга табиий ва антропоген омиллар таъсир кўрсатади. Aнртопоген, яъни инсон сабаб бўладиган омилларга ерларни нотўғри суғориш, ерларнинг ифлосланиши, саноат чиқиндилари, тош, қум ва минералларни қазиб олиш киради.

Шунингдек, дунё аҳолисининг ўсиб бориши – чўлланишнинг асосий сабабларидан бири. Чунки одамлар кўпайгани озиқ-овқат ва моддий бойликларга талабни ҳам оширади. Бу эса ердан кўпроқ ҳосил олиш кераклигини англатади. Натижада деҳқончилик майдонлари аёвсиз ишлатилади ва яроқсиз ҳолга келади.