“Қадринг баланд бўлсин, Она тилим!”

📅 19 Oct 2022

2022 йил "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" Давлат дастурига амал қилган ҳолда Тошкент шаҳар Шайхонтохур туман “Лабзак” МФЙ, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Сейсмология институти ҳамкорликда Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Сейсмология институтида 2022 йил 19 октябрь куни “Қадринг баланд бўлсин, Она тилим!” шиори остида тадбир ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди, шундан сўнг Давлат тилига бағишлаб видеороликлар намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ғ.Мавлонов номидаги Сейсмология институти директори в.в.б., геология ва минерология фанлари доктори, профессор В.Исмаилов тадбирни кириш сўзи билан очиб бериб, иштирокчилари билан бирма-бир таништириб ўтди.


Тадбирда қатнашган Фанлар академияси Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси О.Азизова, Тошкент шаҳар Шайхонтохур туман “Лабзак” МФЙ раиси Қ.Мўминов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди, Журналистика соҳасида VI “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори, шоир Дилшод Ражаблар сўзга чиқиб она тилига бўлган эътибор тўғрисида сўз юритишди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”- деб таъкидлаб ўтишди.

“Лабзак” МФЙ қарашли 184- ва 527- мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўз чиқишлари билан тадбирга ўзгача файз бағишладилар.
Тадбир барча иштирокчилар учун ажойиб ва илиқ муҳитда ҳамда таассуротларга, қизиқарли савол-жавобларга бой ўтди.
Сейсмология институтининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси: Д.Х.Усманова