Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти қошидаги Миллий маълумотлар марказининг салоҳиятини ошириш тизимини такоминлаштириш
📅 20 Dec 2022
Ўзбекистон Республикаси 1996-йил 3-октабрда Ядро синовларини тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги Шартномани (ЯСТТШ) имзолаган ва уни 1997-йил 29-майда ратификация қилган. Халқаро мониторинг тизими (ХМТ) маълумотларини техник ва эксперт таҳлилини ўтказиш ва Ўзбекистоннинг ядро синовларини мониторинг қилишда фаол иштирок этиши мақсадида 2004-йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ғ.А. Мовлонов номидаги Сейсмология институти ЯСТТШ бўйича ташкилот тузилмасида Миллий маʼлумотлар маркази (МММ) сифатида расман номзод этиб тайинланди.
Институтда юкланган вазифаларни муваффақиятли бажариш учун 2005 йил 4 августда Вена шахридан ХМТ маълумотларини узлуксиз қабул қилиш учун хавфсиз сунъий йўлдош каналининг алоқа ускуналари ўрнатилди. 2019 йилда у бутунлай модернизация қилинди. ЯСТТШ бўйича ташкилот томонидан кейинги беминнат техник ёрдам доирасида институтнинг ХМТ тармоқ маълумотларини қайта ишлаш бўйича техник имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш мақсадида, институтга Салоҳиятни ошириш тизими (СОТ) деб номланган қўшимча ҳисоблаш ускуналари (Сервер ва компютерлар) тўплами билан таъминлади, шу жумладан фуқаролик ва илмий мақсадлар учун. Ускуналарни Харид қилиш ва уни транспортировка қилиш Европа Иттифоқи томонидан ривожланаётган мамлакатлардаги МММларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида тўлиқ молиялаштирилди.
СОТ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ва созлаш бўйича ишлар 2022 йилнинг 12 декабридан 16 декабригача институт ходимлари томонидан ва ЯСТТШ бўйича ташкилотининг вакили иштирокида амалга оширилди. СОТни йиғиш ва ишга тушириш бўйича барча зарурий техник тадбирлар муваффақиятли амалга оширилди ва ускуналар дастурий таъминот билан биргаликда ишга туширилди. Институтга тақдим этилган дастурий таъминот SeisComp3 кирувчи сейсмик маълумотларни қайта ишлаш учун автоматлаштирилган комплексни ва Geotool интерактив таҳлил қилиш воситасини ўз ичига олади. Ўрнатиш майдончасида МММ ходимлари билан мажмуанинг ишлаши ва маълумотларни қайта ишлаш дастурий таъминотидан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари ҳам ўтказилди.
Ҳисоблаш мажмуаси 14-декабрдан бошлаб узлуксиз фойдаланишга топширилиб, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳудудида жойлашган 50 дан ортиқ маҳаллий сейсмик станциялардан, жумладан, иккита сейсмик массивдан Қозоғистон ва Туркманистондан ХМТ тармоғидан олинган маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш ва архивлашни бошлади. Автоматлаштирилган қайта ишлаш натижалари сейсмик ҳодисаларнинг параметрларини аниқлаштириш ва маълумотларни қайта ишлаш миллий воситалари натижаларини тўлдирадиган бюллетенни тузиш учун сейсмологлар томонидан қўшимча таҳлил қилинади.