Академик олим, Қаҳҳорбой Носирбекович Абдуллабеков 80 ёшда.
📅 26 Dec 2022
Не бахтки, ҳар биримизга бебаҳо неъмат аталмиш ҳаёт берилган. Унинг ҳар лаҳзасини қадрлаб яшаш умр мазмунини белгилайди. Бир кун келиб, ортга назар солганда “эссиз ўтган йилларим...” демаслик учун ҳаётга келдингми, тўхтовсиз ўсишга интил, фикрла, ярат, кашф қил, одамларга ёрдам бер. Бу - бош мақсад бўлсин...
Қаҳҳорбой Носирбекович Абдуллабеков 1942 йилда Тошкентда туғилган. 1963 йилда Тошкент политехника институти (ҳозирги ТошДТУ) тугатган.
1968 йилдан ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институтида кичик илмий ходим, аспирант, катта илмий ходим, лаборатория мудири, 1989 - 2009 йилларда институти директори лавозимларида фаолият юритган. 2009 йилдан эса “Сейсмоген жараёнлар физикаси” лабораторияси мудири.
Ер физикаси институтида (Москва) 1972 йилда “Сейсмик фаол районлар ер қобиғидаги эластик кучланишлар билан боғлиқ геомагнит майдон ўзгаришларни ўрганиш мавзусида номзодлик, 1988 йилда "Ўзбекистон ер қобиғида сейсмотектоник жараёнлар билан боғлиқ электромагнит ҳодисалар" мавзусида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган, физика-математика фанлари доктори, профессор. 1994 йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси, 2000 йил ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.
Унинг тадқиқотлари электромагнит даракчиларни намоён бўлиш қонуниятларини аниқлашга, зилзилаларни прогноз қилиш усулларини ишлаб чиқиш, зилзилаларни тайёрланиш жараёнларини геофизик моделини ишлаб чиқиш, сейсмик хавфни баҳолаш, табиий офатлар зарарини камайтириш, аҳолини фавқулодда вазиятларга тайёрлашга йўналтирилган. Абдуллабеков К.Н. раҳбарлигида Ўзбекистонда зилзила даракчиларини кузатиш тизими яратилди, геоэлектромагнит майдонларни кенг кўламли экспериментал ва инструментал тадқиқотлари ўтказилди.Қаҳҳорбой Носирбекович Абдуллабеков жаҳон илмий жамияти томонидан тан олинган Сейсмоэлектромагнит ҳодисалар бўйича илмий мактаб яратди. Унинг раҳбарлигида 8 та номзодлик ва 5 та докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган. 2000-2011. йиллар А.Беруний номидаги Тошкент Давлат техника университети “Гидрогеология ва геофизика” кафедраси ўриндош мудири бўлган. “Геология ва минерал ресурслар” журнали таҳририяти аъзоси, Ўз ФА “Сейсмология муаммолари” журнали бош муҳаррири, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Фанлар академиясининг Сейсмологик ва сейсмопрогностик мониторинг ҳамда сейсмик хавфдан ҳимоя соҳасидаги идоралараро илмий-техник кенгаши раиси, Сейсмология институти қошидаги 04.00.06-Геофизика. Фойдали қазилмаларни қидиришнинг геофизик усуллари ихтисослиги бўйича докторлик диссертациялари ҳимоя қилинадиган Илмий кенгаш раиси сифатида фаолият юритиб келмокда.
Қаҳҳорбой Носирбекович Абдуллабеков тадқиқотлари кўплаб чет давлатлар илмий марказлари олимлари томонидан тан олинган. У Осиё Халқаро сейсмологик комиссияси аъзоси, МДҲнинг табиий ва техноген характердаги фавқулодда вазиятлар бўйича Давлатлараро Кенгашининг Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва оқибатларини тугатиш бўйича Илмий кенгаш раиси ўринбосари, 1990-2009 йилларда Геофизика соҳасида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича Марказий Осиё минтақавий Ихтисослашган кенгаш раиси бўлган.
Қаҳҳорбой Носирбекович Абдуллабеков 400дан ортиқ илмий ишлар (улардан 142 таси хорижда), 18 та монография, улардан бири «Электромагнитнме явления в земной коре» (1989) 1990 йилда Хитой Халқ Республикасида хитой тилида ва 1991 йилда Голландияда инглиз тилида чоп этилган, ихтиро учун
9 муаллифлик гувоҳнома ва патентлар, 3 та ўқув қўлланмалар муаллифи.
Қаҳҳорбой Носирбекович Абдуллабеков кўп йиллик илмий-ташкилий, педагогик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра 2019 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Илмий жамоатчилик ўртасида катта обрў-эътиборга сазовор.
Қаҳҳорбой Носирбекович Абдуллабеков бутун вужуди виждонлилик, ҳалоллик, донишмандлик билан нафас олаётган инсон. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ғ.О.Мавлонов номидаги Сейсмология институти жамоаси самимий 80 ёш билан табриклайди. Биз, Сейсмология институти жамоаси Қаҳҳорбой Носирбековичга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, эзгу ниятларингиз амалга ошишини чин дилдан тилаймиз!
Бугун халқимиз илм-фани ривожига катта ҳисса қўшаётган, фикри-ю хаёли юрт тараққиёти бўлган сиздек фидойи инсон, устозимиз Абдуллабеков Қаҳҳорбой Носирбекович, қутлуғ 80 ёшни қаршиладингиз. Аммо сиздаги ғайрат, шижоат ва ташаббускорликнинг тобора авж олиб боришига ҳар қандай ёш ҳавас қилса арзийди. Шундай экан, навқирон ёшингиз муборак бўлсин, элпарвар инсон!